01.01.2020
58

Қозоғистонда бу йили кўплаб ўзгаришларга асос бўладиган қонунлар имзоланди. Биз булардан аҳамиятли бўлганларини қуйида санаб ўтамиз.

2020 йили ойлик ҳисоб кўрсаткичи (МРП) 126 тенгега ошиб, 2651 тенгени ташкил этади. Ижтимоий тўловлар учун кун кўриш минимуми 31 183 тенге бўлди. Энг кам иш ҳақи эса ўзгаришсиз 42500 тенгелигича қолди.

Меҳнат нафақаси 7%га ошади. Ижтимоий тўловнинг минимал миқдори 38636 тенгени ташкил этади. Давлат базалик нафақа тўлови миқдори 5%га ошиб, унинг минимал миқдори 16839 тенгени ташкил этади.

Фарзанд туғилганлиги учун тўланадиган бир марталик ёрдам пули миқдори биринчи, иккинчи ва учинчи фарзандлар учун 100776 тенге бўлади. Тўртинчи фарзанд учун эса 167076 тенге тўланади. Давлат тарафидан кўп фарзандли оилалар учун ёрдам пули уларнинг даромадидан қатъий назар тўланади. Бу тўрт ва ундан кўп фарзандли оилалар учун тегишли. Тўрт фарзандли оила учун ойига 42500 тенге, беш фарзандли оилага 53125 тенге, олти фарзандли оилага 63750 тенге, етти ва ундан кўп фарзандли оилага 73375 тенге тўланади. Кам таъминланган оилаларга эса манзилли ижтимоий ёрдам берилишда давом этади. Лекин бир шарти бор – ишга яроқли оила аъзолари ишлашлари шарт.

Педагоглар маоши 2020 йилнинг сентябрь ойидан 25%га ошади. Қонунга мувофиқ педагогларнинг маоши келгуси тўрт йилда икки бараварга ошади.

Талабаларнинг стипендияси ҳам 25%га ошади. Ушбу мақсадда республика бюджетидан 18 миллиард тенге миқдорида маблағ ажратилди.

Янги йилдан Қозоғистонда бензин нархи ошади. Ҳукумат акциз учун янги ставкаларни белгилади. Ҳисобларга кўра, ёқилғи қуйиш шахобчаларида бензин нархи 10 тенгега ошади. Бундан тушган маблағ манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун берилади.

Спиртли ичимлик ичиб автомобиль бошқарган ҳайдовчига 10 йиллик қамоқ жазоси берилиши ва умрбод ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиши мумкин.

Бизнесменлар уч йилга солиқдан озод этилади. Бу кичик бизнес вакилларига тегишли.  Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнес субъектларини текширишга уч йилга мораторий белгиланди. 


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш