22.06.2019
62

Россия президенти Владимир Путин Грузияда ўтказилаётган Россияга қарши намойишлар ортидан рус ҳаво йўли ширкатларига Грузияга учишини вақтинча тақиқловчи қарорни имзолади. Қарорга кўра, Грузияга парвозлар 8 июлдан бошлаб вақтинча тўхтатилади.

Грузиядаги вақтинча яшаб турган Россия ватандошларини Россияга қайтариш учун керакли ёрдамлар таъминланиши айтилган қарорда сайёҳлик операторларига ҳам Грузияга бўлган тур сотишларини тўхтатиб туриш тавсия этилди.

Грузияда мухолифат ва минглаб одамлар рус делегациясининг парламентлараро православия ассамблеясида иштирок этиши ва Россиялик депутат Сергей Гавриловнинг парламент спикери ўриндиғига ўтиргани сабабли норозилик билдириб парламент олдида тўпланишди.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газлар, резинали ўқлар ва водомётлар қўллади. Ўз навбатида акция иштирокчилари ҳам полициячиларга қарата бутилкалар улоқтириб, уларнинг щитларини тортиб олишди. Тўқнашувлар вақтида хабарларга кўра, 240 киши жароҳат олган.

Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни 2008 йил сентябрида узган. Бунга август ойида бўлиб ўтган уруш сабаб эди. Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар сифатида тан олган, шу билан бирга бу ҳудудларда ўз ҳарбийларини қолдирган.

Тбилиси ва халқаро ҳамжамият Абхазия ва Жанубий Осетияга Грузиянинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудлари сифатида қарайди.


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш