07.02.2015
1517

Украина инқирозига ечим топиш учун Меркель ва Олланд Путиннинг ҳузурига келишди.

Германия бош вазири Ангела Меркель билан Франция президенти Франсуа Олланднинг “Украина дипломатияси” кеча ҳам давом этди. Икки лидер аввалги кун кутилмаганда Украинага боришганди. Меркель ва Олланд ўлканинг шарқида ҳукумат кучлари билан Россия тарафдори бўлган сепаратистлар орасида давом этаётган тўқнашувларга чек қўйиш учун Украина президенти Петро Порошенкога янги ечим йўлини тавсия қилишди. 5 соат давом этган учрашувда ярашишни таъминлайдиган Минск келишувини амалга ошириш борасида музокаралар олиб борилди.

Порошенко, Меркель ва Олланд шарқда уруш тўхталиши, хорижий ҳарбийларнинг Украинадан чиқарилиши, оғир артиллерияни ортга қайтариш, чегараларда назорат ўрнатиш ва бутун асирларнинг озод этишга даъват қилди. Меркель ва Олланд кеча Россиянинг пойтахти Москвага боришди. Улар президент Путин билан шу масалада музокалар олиб боришди. Меркель Россияга боришдан аввал “Биз ихтилофнинг ҳарбий ечими бўлишига ишонмаймиз. Музокараларда тинчлик ўрнатишнинг мумкин ёки мумкин эмаслигини ҳам билмаймиз. Лекин қон тўкилишининг олдини олиш учун Олланд билан бирга ташаббусни ўз қўлимизга олдик” деб баёнот берди. Меркель билан Олланднинг Украина дипломатияси инглиз ва АҚШ матбуотида шубҳа уйғотди. Инглиз матбуотида “Путин Европа билан АҚШнинг орасини бузишга уринмоқда. Музокараларда Англия ва АҚШнинг бўлмаслиги Путиннинг қўли баланд келишини таъминламоқда” деб баҳоланди. АҚШ матбуоти эса Меркель ва Олланд тақдим этаётган ечимга АҚШнинг шубҳа билан қараганига эътибор тортди. АҚШнинг Украина армиясини қуроллантиришни истагани маълум қилинаркан, Германия ва Франциянинг бу қадамни совуқ қарши олганлиги қайд этилди. АҚШ вице-президенти Джо Байден бу ҳақида “Украина халқи Россиянинг тажовузига қарши курашмоқда. АҚШ ва Европа Украинанинг ёнидамиз” дейиш билан кифояланди.

NATOнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен инглиз “Telegraph” газетасига интервью берди. Расмуссен “Путин Украинада қилганидек Болтиқ бўйи давлатларининг бирига ҳам ҳужум қилиши мумкин. Шарқий Европа ўлкаларини Россия бошқаришни истамоқда” деди. NATO ўлкаларининг мудофаа харажатларини камайтираётганда Россия ҳарбий сарф-харажатларни орттирганини айтган Расмуссен “Украина инқирози биз учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак” деб гапирди. Путиннинг жанг қилиш тактикалари бўйчиа мутхассис эканлигини таъкидлаган собиқ бош котиб Европанинг ҳаво ҳужумлари борасида АҚШга муҳтож эканлигини “ёмон ҳолат” деб баҳолади. Бошқа тарафдан Украина ҳукумати ва сепаратистлар жанг олиб борилаётган минтақалардаги тинч аҳолини эвакуация қилиш учун йўл очиш учун келишувга боришди. Дебальцево минтақасида яшовчилар кўзларида ёш билан уйларидан эвакуация қилинди. 


Изоҳлар
Изоҳ ёзиш

Рўйхатдан ўтиш



Кириш